АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ҲАМДА ФАОЛ ҲАЁТ КЕЧИРИШИ УЧУН СИФАТЛИ ВА ХАВФСИЗ ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ

Балиқнинг фойдали томонлари ҳақида бир оз тўхталсак.
Балиқ кўплаб одамларга етишмайдиган зарур озуқа моддаларига эга. Бунга юқори сифатли протеин, ёд, турли витаминлар ва минераллар киради. Балиқлар оптимал тана ва мия фаолияти учун жуда муҳим ва кўплаб касалликлар хавфини камайтиради. Айниқса, инсонга керак бўлган Омега-3 кислотаси эҳтиёжларини қондириш учун ҳафтада камида бир ёки икки марта ёғли балиқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Балиқ истеъмол қилиш кўплаб касалликларнинг олдини олади. Жумладан, юрак хуружи ва инсульт хавфини камайтириши мумкин, ривожланиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган озуқа моддаларини ўз ичига олади, мия саломатлигини кучайтиради, депрессиянинг олдини олиш ва даволашда ёрдам бериши мумкин, болаларда астманинг олдини олишга ёрдам беради, инсонни кўриш қобилиятига ёрдам беради, балиқ уйқу сифатини яхшилаши мумкин ва яна балиқнинг фойдали томонлари ҳақида давом эттириш мумкин.
Навоий вилоят журналистлари билан ўтказилган пресс-турда Навбаҳор туманида балиқчилик фаолияти билан танишди. Балиқ етиштиришнинг интенсив технологияларини қўллаш орқали балиқ етиштириш ҳажмини изчил кўпайтириш мақсадида, 480 гектар ҳавзалар интенсивлаштирилиб, ҳосилдорлик 4-5 баробарга оширилди ҳамда қўшимча 5700 тонна балиқ етиштиришга эришилди. Навбаҳорда 150 га, Қизилтепада 120 га, Карманада 100 га, Хатирчида 60 га ва Конимехда 50 га сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Қизилтепа, Кармана, Навбахор, Хатирчи, Конимех туманларида 15 та маҳаллада 220 та аҳоли хонадонлари вакилларини жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди.
- 30 йиллик балиқчилик тажрибасига эгаман. 400 га ерда деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик билан шуғулланамиз. Фермер хўжалигимиз асосан балиқ етиштиради. Сазан, амур, оқ дўнгпешона балиқларини етиштирамиз. Балиқни сифатли етиштириш ва кутилган натижага эришиш учун озуқа емига катта эътибор қаратдик. Балиқ озуқасидаги элементларни минталитетимизга мослаб ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Фермер хўжалигимизда буғдой, қорамоллар ҳам боқилади, - дейди Қизилтепалик тадбиркор “Илҳомжон” фермер хўжалиги раҳбари Илҳомжон Абдуллаев.
Навбаҳор туманида жойлашган "YASHIL OROL BY grand" масъулияти чекланган жамияти томонидан супер интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси тўлиқ ишга туширилди.
Ҳозирда балиқчилик хўжалиги томонидан 16 гектар майдондан иборат кўлларда асосан сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилади.
- Мана шу кўриб турган ҳовуз 2,5 гектарни ташкил этади. Мазкур ҳовузда 32 минг балиқ бор. Сифатли балиқ етиштиришда асосан сувга ва емига катта эътибор қаратамиз. Ҳовуз суви вақтида алмаштирилиб турилади. Балиқ етиштириш борасида Эрон, Веътнам давлатлари билан ҳамкорлик қиляпмиз, - дейди "YASHIL OROL BY grand" масъулияти чекланган жамияти Ориф Каримов.
Тадбир давомида 2025 йилда соҳани янада ривожлантириш бўйича вилоятдаги 900 гектар мавжуд сунъий сув ҳавзаларига аэратор мосламаларини ўрнатиш ва балиқларни баланслаштирилган омухта ем маҳсулотлари билан озиқлантириш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажми 4-5 баробарга оширилиши, 900 та аҳоли хонадонларини жалб қилган ҳолда интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш таъкидлаб ўтилди.
- Асосий мақсадимиз аҳолининг соғлом ҳамда фаол ҳаёт кечириши учун ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш, халқимизга сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда ишчи ўринларни яратиш, балиқчилик саноатини юқори даромад соҳасига кўтариш, - дейди "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси раис ўринбосари Мақсуд Остонов.
Пресс-турда Эрон ва Веътнам давлатларидан меҳмонлар иштирок этишди. Улар юртимизда, асосан Навоий вилоятида балиқчилик соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар, тажриба алмашинувлар тўғрисида гапириришди.
Ф. ҚОДИРОВА
Ctrl
Enter
Xato topdingizmi
Bizga junating Ctrl+EnterBoshqa ma`lumotlar:
Izohlar (0)